«Уруғ ташлаб оввора бўлманг, Замин тамом куйди» деган ким? Ким - Заминни ўлди деб айтган, - У фақат бир лаҳза қолди жим. Оналиги - Ернинг туганмас, Бўлганидек денгизга сув хос. Ким ишонди Замин куйди деб, У андуҳдан қорайди холос. Ўйиқ ўхшар дардбахш ярага, Бу хандақлар - чавақланган тан. Замин биздек сезгир жисми-ла, Дардларни ҳис қилар дафъатан. Ногиронлар сафига қўшманг Барчасига мағрур чидар у, Ер куйламас дея ким айтди, Ким айтди: Ер сукутда мангу? Йўқ, ўлмаган, Она Ер сўзсиз, Вужудидан артмоқда қонни. Замин ахир бизнинг жонимиз, Ахир топтаб бўларми жонни?! Замин ўлди дея айтар ким? Бир муддатга қолгандир у жим.
© Амиркул Карим. Таржима, 2005